Fatir surasi, 12-oyat

35:12

وَمَا يَسۡتَوِي ٱلۡبَحۡرَانِ هَٰذَا عَذۡبٞ فُرَاتٞ سَآئِغٞ شَرَابُهُۥ وَهَٰذَا مِلۡحٌ أُجَاجٞۖ وَمِن كُلّٖ تَأۡكُلُونَ لَحۡمٗا طَرِيّٗا وَتَسۡتَخۡرِجُونَ حِلۡيَةٗ تَلۡبَسُونَهَاۖ وَتَرَى ٱلۡفُلۡكَ فِيهِ مَوَاخِرَ لِتَبۡتَغُواْ مِن فَضۡلِهِۦ وَلَعَلَّكُمۡ تَشۡكُرُونَ ١٢

Дарёю денгиз, иккиси тенг бўла олмас. Буниси тотли, чанқоқ босар, ичиш осондир. Буниси эса шўр, тахирдир. Сиз ҳар биридан тоза гўшт ейсиз ва тақинчоқ чиқариб тақурсиз. Ва Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун у(сув)ни ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. Шоядки, шукр қилсангиз. 8

Izohlar

8 (Аллоҳнинг қудратини сув оламида ҳам яққол кўрса бўлади. Дарё-денгизларда Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи кўплаб оят-белгилар бўлиши турган гап. Албатта, денгиз ва дарёлар, улардаги тоза гўшт, тақинчоқ ва бошқа неъматлар, улар узра кема билан сузиб тижорат ва бошқа мақсадлар йўлида фойдаланиш инсон учун Аллоҳнинг улуғ неъмати бўлиб, уларга шукр қилиш лозим. Иймонсиз эса, ношукр бўлади.)

Tafsir

Дарё-денгиз тенг бўлмас. Бири ширин ва ичилиши осон бўлса, иккинчиси ичиб бўлмайдиган шўр-тахир. Ҳар иккисидан янги гўшт - балиқ тутиб ейсизлар ва тақадиган дур-гавҳарлар чиқариб оласизлар. Аллоҳнинг фазлу-марҳаматидан умид қилиб, тижорат ишларингизни юритиш учун сувни ёриб бораётган кемаларни кўрасизлар. Шоядки, У Зотнинг сизларга ато этган беҳисоб неъматларига шукр қилсангизлар.