وَهُوَ ٱلَّذِي يَبۡدَؤُاْ ٱلۡخَلۡقَ ثُمَّ يُعِيدُهُۥ وَهُوَ أَهۡوَنُ عَلَيۡهِۚ وَلَهُ ٱلۡمَثَلُ ٱلۡأَعۡلَىٰ فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۚ وَهُوَ ٱلۡعَزِيزُ ٱلۡحَكِيمُ ٢٧
У махлуқотни йўқдан бор қилур, сўнгра уни яна қайтадан вужудга келтирур, бу Унга жуда осондир. Осмонлару ердаги энг олий васф Уникидир. У азийз ва ҳакийм Зотдир.
Tafsir
Аллоҳ шундай Зотки, Ўзи йўқдан бор қилади, йўқ қилганидан кейин яна қайта яратадиган ҳам Ўзи. Қайта яратиш йўқдан бор қилишдан осонроқ. Ҳар икки иш У Зот учун жуда енгил. Зеро, У Зот қайси бир ишни истаса, "Бўл", дейди, тамом, у бўлаверади. Улуғлик ва комиллик сифатларининг энг олийси Уникидир. У Азиздирки, ҳеч ким, ҳеч нарса Ундан ғолиб бўла олмас. У ҳар бир яратишини, тадбирини бир ҳикмат билан қиладиган Ҳаким Зотдир.