Al-Imran surasi, 7-oyat

3:7

هُوَ ٱلَّذِيٓ أَنزَلَ عَلَيۡكَ ٱلۡكِتَٰبَ مِنۡهُ ءَايَٰتٞ مُّحۡكَمَٰتٌ هُنَّ أُمُّ ٱلۡكِتَٰبِ وَأُخَرُ مُتَشَٰبِهَٰتٞۖ فَأَمَّا ٱلَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمۡ زَيۡغٞ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَٰبَهَ مِنۡهُ ٱبۡتِغَآءَ ٱلۡفِتۡنَةِ وَٱبۡتِغَآءَ تَأۡوِيلِهِۦۖ وَمَا يَعۡلَمُ تَأۡوِيلَهُۥٓ إِلَّا ٱللَّهُۗ وَٱلرَّٰسِخُونَ فِي ٱلۡعِلۡمِ يَقُولُونَ ءَامَنَّا بِهِۦ كُلّٞ مِّنۡ عِندِ رَبِّنَاۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّآ أُوْلُواْ ٱلۡأَلۡبَٰبِ ٧

У сенга китобни туширган Зотдир. Унда муҳкам — ойдин оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ оятлар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвийл қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир. Унинг таъвийлини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса: Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эсларлар. 4

Izohlar

4 («Муҳкам» сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади. «Муташобиҳ» сўзи эса, ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради. Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади.)

Tafsir

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Аллоҳ шундай Зотдирки, сизга Қуъонни нозил қилди. Унда ҳеч қандай чалкашлиги йўқ, аниқ-равшан маънолар тараладиган муҳкам оятлар бор. Бу оятлар Қуръоннинг асоси ва катта қисмини ташкил қилади. Ихтилофлар чоғида айнан шу оятларга мурожаат қилинади. Айни пайтда бир неча хил маъноларни англатадиган муташобиҳ оятлар ҳам борки, кўп одамларга қайси маънода келаётганини англашда чигаллик юзага келади. Қалбида марази - ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар оятларнинг муҳкамини қўйиб, муташобиҳини оладилар. Бу билан шубҳа қўзғаш, одамларни йўлдан оздириш ва ўз ҳавойи нафсларига тўғри келадиган тарзда таъвил-тафсир қилишни кўзлайдилар. Аслида бу оятларнинг маъноларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Илмда мустаҳкам бўлган зотлар эса: "Қуръоннинг ҳаммасига иймон келтирдик, ҳаммаси Парвардигоримиз тарафидан нозил бўлган", дейдилар. Муташобиҳ оятларни муҳкам оятлар билан тафсир қиладилар. Соғлом ақли борларгина эслатма-насиҳатга қулоқ соладилар.