۞ قُلۡ أَؤُنَبِّئُكُم بِخَيۡرٖ مِّن ذَٰلِكُمۡۖ لِلَّذِينَ ٱتَّقَوۡاْ عِندَ رَبِّهِمۡ جَنَّٰتٞ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُ خَٰلِدِينَ فِيهَا وَأَزۡوَٰجٞ مُّطَهَّرَةٞ وَرِضۡوَٰنٞ مِّنَ ٱللَّهِۗ وَٱللَّهُ بَصِيرُۢ بِٱلۡعِبَادِ ١٥
Сен: «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! Тақво қилганларга Роббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Унда абадий қолурлар. Покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир», деб айт. 8
Izohlar
8 (Ҳамма бу дунёнинг матоҳига ўзини уради. Ўшани деб кўплар гуноҳга ботади, диндан чиқади. Ҳолбуки, бу нарсалар шунча уринишга арзимайдиган нарсалардир. Беш кунлик дунёнинг ўткинчи орзу-ҳаваси, холос. Лекин бошқа тарафда ундан яхши, абадий неъматлар бор. Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитобан: «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! деб айт», деб буюрмоқда. Охират неъматлари бу дунё матоҳидан нақадар устун эканлиги шак-шубҳасиз ҳақиқатдир. Аммо охират неъматларининг яна бир ўзига хос имтиёзи бор. У ҳам бўлса, уларнинг тақводор бандаларга хослигидир, бошқаларга насиб қилмайди.)
Tafsir
Эй Пайғамбар алайҳиссалом, айтинг: "Мана шу истак-хоҳишлардан кўра яхшироқ нарсалар ҳақида хабар берайми? Аллоҳдан тақво қилиб, буйруқларини бажарадиган, тақиқларидан тийиладиган зотлар учун қасрлари ва дарахтлари остидан дарёлар оқиб турадиган боғлар бор. Боғларда улар абадий қоладилар, ўлмайдилар, якун топмайдилар. Улар учун яна сурати ҳам, сийрати ҳам покиза жуфтлар ҳамда Аллоҳнинг ризолиги ҳам борки, Аллоҳ уларга ҳамма нарсани ҳалол қилиб беради, уларга ҳеч қачон ғазаб қилмайди. Аллоҳ бандаларининг аҳволини кўриб-билиб туради. Ҳеч нарса У Зотдан яширин қолмайди. Яқинда уларнинг амалларига яраша жазо ёки мукофотларини беради".