۞ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يَسۡتَحۡيِۦٓ أَن يَضۡرِبَ مَثَلٗا مَّا بَعُوضَةٗ فَمَا فَوۡقَهَاۚ فَأَمَّا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ فَيَعۡلَمُونَ أَنَّهُ ٱلۡحَقُّ مِن رَّبِّهِمۡۖ وَأَمَّا ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ فَيَقُولُونَ مَاذَآ أَرَادَ ٱللَّهُ بِهَٰذَا مَثَلٗاۘ يُضِلُّ بِهِۦ كَثِيرٗا وَيَهۡدِي بِهِۦ كَثِيرٗاۚ وَمَا يُضِلُّ بِهِۦٓ إِلَّا ٱلۡفَٰسِقِينَ ٢٦
Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас. Иймон келтирганлар, албатта, у Роббиларидан келган ҳақлигини билурлар. Аммо куфр келтирганлар: «Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилди?» – дерлар. У ўша билан кўпчиликни залолатга кеткизар ва кўпчиликни ҳидоятга солар. У ўша билан фақат фосиқларнигина залолатга кеткизар.
Tafsir
Ҳа, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзи истаган нарсаси ҳақида масал зарб этади. Чивин ҳақида ҳам, ундан йирикроқ ёки майдароқ нарсалар ҳақида ҳам масал зарб этаверади. У Зот зарб этган масал қаршисида одамлар икки турга бўлинадилар: Мўминлар ва кофирлар. Мўминлар уни тасдиқлайдилар, масал ортида бир ҳикмат турганини англайдилар. Кофирлар эса масхара қилиш ва устидан кулиш учун чивин, пашша, ўргимчак каби бу қадар майда махлуқотлар ҳақида масал зарб этишнинг сабабини сўрай бошлайдилар. Аллоҳнинг жавоби шундай янграйди: Бу масалларда ҳидоятлар, кўрсатмалар ва синов бор. Улар ҳақида фикр юритмасдан, тушунмасдан, англамасдан юз ўгириб, залолатга кетганлар ҳам кўп. Улардан насиҳатланиб, ибрат олиб ҳидоят топганлар ҳам кўп. Залолатга лойиқларгина, сазоворларгина, яъни, Аллоҳга итоат этмаган мунофиқларгина адашадилар.