Al-A'raf surasi, 155-oyat

7:155

وَٱخۡتَارَ مُوسَىٰ قَوۡمَهُۥ سَبۡعِينَ رَجُلٗا لِّمِيقَٰتِنَاۖ فَلَمَّآ أَخَذَتۡهُمُ ٱلرَّجۡفَةُ قَالَ رَبِّ لَوۡ شِئۡتَ أَهۡلَكۡتَهُم مِّن قَبۡلُ وَإِيَّٰيَۖ أَتُهۡلِكُنَا بِمَا فَعَلَ ٱلسُّفَهَآءُ مِنَّآۖ إِنۡ هِيَ إِلَّا فِتۡنَتُكَ تُضِلُّ بِهَا مَن تَشَآءُ وَتَهۡدِي مَن تَشَآءُۖ أَنتَ وَلِيُّنَا فَٱغۡفِرۡ لَنَا وَٱرۡحَمۡنَاۖ وَأَنتَ خَيۡرُ ٱلۡغَٰفِرِينَ ١٥٥

Ва Мусо мийқотимизга қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Уларни даҳшатли зилзила тутган пайтда: «Эй Роббим, агар хоҳласанг, буларни ҳам, мени ҳам бундан олдин ҳалок қилсанг бўларди. Эси пастларимиз қилган иш туфайли бизни ҳалок қиласанми? Бу Сенинг синовингдан бошқа нарса эмас. У ила кимни хоҳласанг, адаштирасан ва кимни хоҳласанг, ҳидоятга соласан. Сен валийимизсан, бас, бизни мағфират қил ва раҳим эт. Сенинг Ўзинг мағфират қилувчиларнинг энг яхшисисан. 55

Izohlar

55 (Бани Исроил тилладан ясалган бузоқ ҳайкалига ибодат қилиб, улкан гуноҳ содир этганлари, кейин афсус билан тавба қилганлари учун Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга улардан етмиш кишини Ўз мийқотига олиб келишни амр қилган эди. Мусо алайҳиссалом Бани Исроилнинг ўн икки уруғидан, бузоққа ибодат қилмаган етмиш кишини танлаб, Аллоҳнинг мийқотига олиб бордилар. Улар эса Мусо алайҳиссаломга, бизга Худонинг Ўзини кўрсат, деб туриб олдилар. Ҳаттоки улар орасидан танлаб олинганларнинг қилмиши шу бўлди. Бундай шаккоклик содир этганларидан сўнг, уларни даҳшатли зилзила тутиб, ўзларидан кетдилар.)

Tafsir

Мусо қавмнинг нодонлари содир этган бузоққа ибодат қилишдек манфур ишга Парвардигордан кечирим сўраш учун ўз қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Аллоҳ уларга бир вақт ва жой тайин қилди. Ўша жойга борганларида эса яна ҳадларидан ошиб, Мусодан Аллоҳ очиқ кўриниш беришини талаб қилдилар. Шунда бир зилзила юз бериб, унинг даҳшатидан ларзага келдилар ва Мусо Парвардигорига илтижо айлаб деди: "Парвардигоро, қавмимни ва уларга қўшиб мени ҳалок қилмоқчи бўлганингда бу ерга келмасимиздан олдин ҳам ҳалок қилаверардинг. Ичимиздаги эси паст, нодонларнинг қилмишлари учун ҳаммамизни ҳалок қиласанми? Қавмим тарафидан содир этилган бузоққа ибодат қилиш иши Сен тарафингдан бўлган бир синов, имтиҳондан ўзга нарса эмас-ку. У билан Ўзинг истаган одамни адаштирасан, истаган одамни ҳидоятга бошлайсан. Ҳамма ишларимизни бошқариб турган Ўзингсан. Гуноҳларимизни кечир ва бепоён раҳматинг ила бизга раҳм қил. Сен кечиргувчиларнинг, афв этгувчиларнинг энг афзалисан".