Al-A'raf surasi, 150-oyat

7:150

وَلَمَّا رَجَعَ مُوسَىٰٓ إِلَىٰ قَوۡمِهِۦ غَضۡبَٰنَ أَسِفٗا قَالَ بِئۡسَمَا خَلَفۡتُمُونِي مِنۢ بَعۡدِيٓۖ أَعَجِلۡتُمۡ أَمۡرَ رَبِّكُمۡۖ وَأَلۡقَى ٱلۡأَلۡوَاحَ وَأَخَذَ بِرَأۡسِ أَخِيهِ يَجُرُّهُۥٓ إِلَيۡهِۚ قَالَ ٱبۡنَ أُمَّ إِنَّ ٱلۡقَوۡمَ ٱسۡتَضۡعَفُونِي وَكَادُواْ يَقۡتُلُونَنِي فَلَا تُشۡمِتۡ بِيَ ٱلۡأَعۡدَآءَ وَلَا تَجۡعَلۡنِي مَعَ ٱلۡقَوۡمِ ٱلظَّٰلِمِينَ ١٥٠

Қачонки Мусо ўз қавмига ғазабланган ва афсус қилган ҳолида қайтганида: «Менинг кетимдан қандай ҳам ёмон халифа бўлдингиз. Роббингизнинг амридан (олдин) шошилдингизми?!» – деди ва лавҳларни ташлаб, акасининг бошидан тутиб, ўзига торта бошлади. У (Ҳорун): «Эй онамнинг боласи, шубҳасиз, бу қавм мени хўрлади ва ўлдириб қўйишларига сал қолди. Энди сен душманларни устимдан кулдирмагин ва мени ҳам золим қавмлардан деб билмагин», – деди. 53

Izohlar

53 (Дарғазаб бўлган укадан бу тасарруфни кўрган Ҳорун алайҳиссалом уни бир оз ҳовридан тушириш учун ораларидаги ака-укалик ҳурматини эслатиб: «Эй онамнинг боласи, шубҳасиз, бу қавм мени хўрлади ва ўлдириб қўйишларига сал қолди», дедилар.)

Tafsir

Мусо Парвардигори билан гаплашиб қайтгач, қавмининг бузоққа ибодат қилаётганини кўриб, қаттиқ хафа бўлди ва ғазабга миниб деди: "Эй қавмим, мен кетганимдан кейин нақадар хунук иш қилибсизлар. Энди бу иш сизларни бахтиқаролик ва ҳалокат чоҳига улоқтиради. Мени кутиб туриш сизларга малол келдими? Бузоққа ибодат қилишдек бир манфур ишга қандай журъат этдинглар?" У ғазабга тўлиб-тошганидан ўзини тутолмай, лавҳларни отиб юборди. Акаси Ҳорунни қавмни бу гуноҳдан қайтармаганликда айблаб, боши ва соқолидан ушлаб ўзига тортди. Ҳорун узрини айтиб, шафқат сўраб деди: "Эй жигарим, улар мени менсимадилар, ўсал топдилар, ҳатто ўлдириб қўйишларига сал қолди. Энди сен ҳам душманларимни хурсанд қилиб, мени жазога тортма. Ғазабингни боса олмасдан мени ҳам ўша мушрик, золимлар сафига қўшиб юборма!"