ٱتۡلُ مَآ أُوحِيَ إِلَيۡكَ مِنَ ٱلۡكِتَٰبِ وَأَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَۖ إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ تَنۡهَىٰ عَنِ ٱلۡفَحۡشَآءِ وَٱلۡمُنكَرِۗ وَلَذِكۡرُ ٱللَّهِ أَكۡبَرُۗ وَٱللَّهُ يَعۡلَمُ مَا تَصۡنَعُونَ ٤٥
Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир. Аллоҳ нима қилсангиз, билур. 17
Izohlar
17 (Қуръонни тиловат қилиб, кишиларга етказиш Ислом даъватининг асосий омилидир. Ушбу илоҳий китоб маъноларини кишиларга етказиш, унинг таълимотларига амал қилишга чақириш даъватчининг асосий иши бўлмоғи лозим. Биз «намозни тўкис адо эт» деб таржима қилган жумлани тўридан-тўғри, сўзма-сўз ўзбекчага ағдарадиган бўлсак, «намозни тик турғиз» бўлиб чиқади. Демак, намозни ўқиш билан намозни тик турғизиш, яъни тўкис адо этиш орасида фарқ бор. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломга намоз ўқи деб эмас, намозни тўкис адо эт, деб хитоб қилмоқда. Мана шу нуқтадан кимнинг намози ҳақиқий, кимники сохта эканини билиб оламиз. Намозни ҳамма ҳам ўқийверади, лекин намозхон фоҳиша ва мункар ишлардан қайтмаса, унинг ўқиган намози ҳақиқий бўлмайди. Қачонки намозхон намозни тўкис адо қилса, фоҳиша ва мункар ишлардан қайтади.)
Tafsir
Эй Пайғамбар, одамларга ўзингизга ваҳий қилинган Қуръонни ўқиб беринг. Намозни тўкис адо этинг. Тўкис адо этилган намоз намозхонни гуноҳлар, ёмонликлар қилишдан қайтаради. Чунки у қалбларга гуноҳлар йўлини тўсиб қўядиган, яхши ишларни қилишга йўналтириб турадиган бир нур бахш этади. Аллоҳнинг зикри ҳамма нарсадан улуғдир. Аллоҳ сизлар қилаётган ишлардан Хабардор. Бирон амалингиз У Зотдан яширин қола олмас. Яқинда амалларингизга яраша жазо ёки мукофотингизни берур. Яхши ишларни қилган бўлсангиз, мукофотга эришасиз, ёмон ишларни қилган бўлсангиз, жазога тортиласиз.